Давлат статистика қўмитаси вилоятлардаги марказий деҳқон бозорларидаги асосий озиқ-овқат маҳсулотларининг минимал ва максимал нархларини эълон қилди.
Қўмита ҳисоботида айтилишича, нархлар 10 ноябрь куни бозорларда олиб борилган кузатувлар натижасида аниқланган.
Ҳисоботда мамлакат бозорларида суякли мол гўшти 45 000 сўмдан 60 000 сўмгача, қўй гўшти 48 000 сўмдан 75 000 сўмгача, картошка 2 500 сўмдан 6 000 сўмгача, пиёз 800 сўмдан 4 000 сўмгача, сабзи 1 000 сўмдан 5 000 сўмгача, тухумнинг 10 донаси 7 000 сўмдан 15 000 сўмгача, гурунч 5 000 сўмдан 19 000 сўмгача, ўсимлик ёғининг бир литри 11 000 сўмдан 17 600 сўмгача,шакар 5 800 сўмдан 8 000 сўмгача сотилаётгани қайд этилган.
Мазкур статистикада келтирилган нарх-наво, Озодлик манбаларига кўра, бозорлардаги реал нархлардан фарқ қилмоқда. Жумладан, 15 октябрь куни Озодлик билан суҳбатда бўлган тошкентликларга кўра, шаҳар бозорларида суякли гўшт нархи 70 минг сўмдан ошиб кетган.
Ноябрь ойининг бошида Статистика қўмитаси жорий йилнинг йилнинг январидан октябригача ўтган 10 ой мобайнида истеъмол товарлари нархи 10 фоизга қимматлашгани тўғрисида билдирган эди.
Статистиканинг қайд этишича, шакар ва гўшт нархи йил бошидан бери 15 фоизга ошган. Хусусан, суяксиз мол гўшти баҳоси 10 ой ичида 18,2 фоизга кўтарилган.
Йил бошидан буён пахта ёғи 24,2 фоизга, кунгабоқар ёғи 23,9 фоизга, сариёғ 11,1 фоизга, маргарин 9,7 фоизга қимматлади.