Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболов жиноят кодексининг қатор моддалари билан айбланиб, ҳибсда сақланаётган блогер Отабек Сатторий ҳақида фикр билдирди.
Effekt.uz нашрининг ёзишича, журналистлар билан учрашув чоғида вилоят ҳокими:
“Отабек муаммоларни олиб чиқди, чиқмади эмас. Ўзим ҳам у кўтарган муаммолар ечимини топишга интилдим. У айтган маҳаллаларга бордим. Ҳатто раҳмат ҳам айтдим. Охирги вақтлар шаънимга тегадиган сўзлар билан мурожаатлар йўллашни бошлаганди.
Мен унга “ўйлаб гапиргин, вилоят ҳокимиман сал ҳурмат сақлагин” деб айтдим. Охири шу бола билан тенглашиб ўтирмай дедим. Ҳаддидан ошса ҳам индамадим. Отабекни ёмон демаган бўлардим. У ҳам фуқаролар учун ишлаган. Озми, кўпми муаммоларни бизга кўрсатиб берган. Аммо бироз шошқалоқлиги, ўйламай иш тутиши унга панд берди”,- деб айтган.
Тўра Боболов ўз сўзи давомида “Отабекнинг баъзи саволларидан жаҳли чиққанини”, аммо унинг ҳозирги ҳолатини “душманига ҳам раво кўрмаслигини” айтган ҳамда “Агар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар унинг жазосини енгиллаштира олса, ёрдам беришса, яхши бўларди”,-деб фикр билдирган.
Отабек Сатторий Telegram ва YouTube порталидаги “Халқ фикри” видеоблогидаги танқидий чиқишлари билан танилган.
У 30 январь куни соат 17 ларда Термиздаги уйидан фуқаро кийимидаги ходимлар томонидан олиб кетилганди.
Қатор халқаро ташкилотлар Ўзбекистон ҳукуматини ҳибсга олинган блогер Отабек Сатторийни озод қилишга чақирди. Ташкилотларнинг ишонишича, блогер коррупцияга қарши курашгани ортидан сохталаштирилган жиноят иши асосида қамоққа олинган.