Сўх туманида аэродром қурилиши бошлангани тўғрисида 8 февраль куни Фарғона вилоят ҳокимлиги маълум қилди.
Расман билдирилишича, қурилиш учун туманнинг “Новобод” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидан 4,5 гектар ер ажратилган. Аэродромнинг учиш ва қўниш майдончаси узунлиги 650 метр ва эни 100 метрни ташкил этади.
Лойиҳа қиймати 12 миллиард сўм бўлган аэродромни қуриш ишлари май ойига қадар якунига етказилиши режалаштирилган.
2020 йилнинг 31 май куни Фарғона вилояти Сўх тумани Чашма қишлоғи ва Қирғизистоннинг Боткен вилояти Қадамжой тумани аҳолиси ўртасида Чашма булоғи устида жанжал чиққан эди.
Ўшанда Сўх тумани шифохонасига ўқ еган ва жароҳатланган 187 ўзбекистонлик келтирилган, буларнинг 3 нафари ов милтиғидан яралангани хабар қилинган.
Қирғизистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги берган маълумотга кўра эса, жами 25 қирғизистонлик жароҳатланган, улардан 4 нафари оғир жароҳат билан шифохонага ётқизилган.
Ушбу воқеадан сўнг ҳукумат раҳбарлари Сўх туманига боришган, аҳоли ва фаоллар билан учрашган. Президентнинг “Сўх туманини 2020–2021 йилларда ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинганди.