Қўшни давлатлардан қайтаётган талабалар ўз вилоятида сиртқи ва кечкида ўқийди

Тожикистон. Садриддин Айний номидаги педагогика университетининг ўзбекистонлик талабалари ҳужжатларини олиш учун навбатда турибди. 2020, 11 февраль.

Тожикистон, Қирғизистон ва Қозоғистоннинг олий ўқув юртларидаги қарийб 35000 ўзбекистонлик талабанинг ҳаммаси олий таълим вазирининг 6 февралдаги буйруғи яратган имкондан фойдаланиб Ўзбекистонга қайтса, улар қаерга сиғади, уларни ким ўқитади?

Кейинги кунларда кун тартибига чиққан бу савол жавоби жўн эмаслиги бошқа бир рақамга қиёслашдан ҳам билинади: Ўзбекистондаги олий ўқув юртларига жорий ўқув йилида 80 430 талаба қабул қилинган. Демак, қабул қилинган ҳар 2 талабанинг ёнига яна 1 талаба қўшилади.

Озодликка маълум бўлишича, баъзи ўқув юртлар қайтаётганлар учун бўш турган коллеж биносини эгаллашни кўзламоқда, бошқаларнинг эса ҳозирча аниқ жавоби йўқ.

Қайтаётганлар

12 февралда Чимкентдаги Silkway халқаро университетининг Рус тили ва адабиёти факультети 1-курси талабаси сирдарёлик Шаҳриёрнинг (исм ўзгартирилди) қўлига “университетда ўқияпти” деган маълумотнома берилди.

Шаҳриёр сирдарёлик бўлгани учун ўқишини Гулистон давлат университетига кўчирмоқчи. Чимкентда кундузги бўлимда ўқиётган Шаҳриёр Гулистонда сиртқи бўлимда ўқишга ҳам рози. “Кундузгига олинмайди, дейишдию сиртқидаям ўқийвераман”, деди Шаҳриёр. У қўлидаги маълумотномани кўтариб 13 февралда Гулистондаги университетга бормоқчи. Навбатга ёзилиб қўйган. Навбат рақами 568.

Душанбедаги Садриддин Айний номидаги педагогика университети Педагогика факультети 1- курс талабаси, сурхондарёлик Наврўз (исм ўзгартирилган) ҳужжатларини 12 февраль, куннинг биринчи ярмида олишга улгурмади. “Тушдан кейин қўлимга тегади, деб умид қилиб турибман”, деди Наврўз. У Душанбеда сиртдан ўқир эди. Энди Термизда ҳам сиртдан ўқимоқчи.

Қайтаришга мажбурлар

Қирғизистон Таълим вазирлиги расмийси Гулмира Абилқасимованинг Озодликка билдиришича, бу мамлакат ОТМларида 15 мингдан зиёд ўзбекистонлик талаба ўқийди.

Forbs.kz нашрига кўра, 2018 йили Қозоғистонда ҳаммаси бўлиб 14 минг нафар атрофида чет эллик ўқиган бўлиб, уларнинг 3683 нафари ўзбекистонлик эди.

Қозоғистон Таълим вазири ўринбосари Рустем Бигари 2019 йилнинг кузида мамлакатда жорий ўқув йилида 25 минг чет эллик талаба ўқишини маълум қилган эди.

Озодлик радиоси қозоқ хизмати журналистлари 12 февралда Чимкент шаҳридаги ОТМлар 15 000 нафар атрофида ўзбекистонлик талаба борлигини аниқлади. Масалан, Мухтор Ауезов номидаги Жанубий Қозоғистон давлат университетида 7664 ўзбекистонлик ўқийди.Silkway халқаро университетидаги 200 талабанинг 1141 нафари ўзбекистонликдир.

Тожикистондаги ОТМларда Озодлик радиоси тожик хизмати журналистларининг 11 февраль куни ўрганишича, ҳаммаси бўлиб 4000 нафар атрофида ўзбекистонлик талаба бор. Биргина Садриддин Айний номидаги педагогика университетида (Душанбе) 2500 ўзбекистонлик ўқийди.

Олий таълим вазирлигига кўра, “Тожикистон, Қирғизистон ва Қозоғистон олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган барча талабаларга, курсидан қатъий назар ўқишини кўчириш бўйича ариза топширишга рухсат берилади”. Демак уч қўшни давлатда ўқиётган тақрибан 35 минг ўзбекистонлик талаба потенциал қайтувчидир.

Қайтаётганларни қабул қилаётганлар

Шу кунларда Ўзбекистондаги қатор ОТМларда уч қўшни давлат: Тожикистон, Қирғизистон ва Қозоғистондаги олий ўқув юртларидан қайтадиганларни қабул қилиш билан шуғулланадиган ишчи гуруҳлари ишлаяпти.

Ишчи гуруҳлар тузилган олий ўқув юртлари рўйхати.

Гулистон давлат университетида тузилган Ишчи гуруҳ вакилидан Озодлик бу ўқув юртига тахминан 2000 талаба келиши кутилаётганини, 12 февралгача тахминан 1500 талабадан ҳужжат қабул қилинганини сўраб билди. Вакилнинг айтишича, қайтаётганларнинг 1000 нафарини университетнинг мавжуд аудиторияларига сиғдириш мумкин, қолганлари учун Янгиер шаҳридаги коллеж биносини олиш режалаштирилмоқда.

Бухоро Муҳандислик технология институтида 12 февралгача 500 дан ортиқ талабадан ҳужжат қабул қилинди. Институтда тузилган Ишчи гуруҳ вакили Озодликка “Қанча талаба келиши аниқмас. Биз ҳужжатларни қабул қилиб, вазирликка жўнатамиз, вазирлик тақсимлайди” деди.

Андижон машинасозлик институти вакили Ишчи гуруҳ ишлаётганини айтишдан нарига ўтишни истамади.

Қайтиш шартлари

Олий таълим вазирлиги матбуот хизмати 6 февралдаги буйруқ ҳақидаги хабар бераркан, ўқишни кўчириш тўғрисидаги аризалар қандай мезонларга асосан қабул қилиниши ҳақида маълумотларни берган.

Ўша хабарда келтирилган баъзи маълумотлар идора тилидан одми тилга кўчирилса, мазмуни бу бўлади:

* қайтган талаба ўзи яшайдиган вилоятдаги ОТМгагина қабул қилиниши мумкин, мутахассислиги бўлмаган тақдирдагина бошқа вилоятдаги ўқув юртига тавсия қилиниши мумкин;

* қайтган талаба (бакалавриат) асосан сиртқи ва кечки бўлимларга қабул қилинади.

Бироқ.... вазирликнинг бошқа бир хабаридан иқтибос: “Қўшни давлатлар олий таълим муассасаларида исталган таълим шаклида таҳсил олаётган талабаларга ўқишини Ўзбекистонга кўчириш бўйича ариза топширишларига рухсат этилади”.

Қайтиш муддати узайтирилди

11 февралда Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги Тожикистон, Қирғизистон ва Қозоғистон олий ўқув юртларида ўқиётган ўзбекистонлик талабалардан ўқишни Ўзбекистонга кўчириш тўғрисидаги аризаларни қабул қилиш муддатини 15 мартга қадар узайтирди.

Мавзуга алоқадор Қўшни давлатлардаги ўзбекистонлик 1-курс талабаларининг ўқишини кўчириш муаммоси ечимсиз қолмоқда (ВИДЕО)

Вазирлик ўз қарорини “талабалар ва уларнинг ота-оналаридан келиб тушган кўплаб мурожаатларни инобатга олган ҳолда, фуқароларга қўшимча қулайлик яратиш мақсади” билан изоҳлаган.