Татаристонда 12 май мотам куни сифатида эълон қилинди

Қозонда ҳалок бўлган ўқувчилар хотираси ёдга олинмоқда.

Татаристон пойтахти Қозон шаҳридаги 175-сонли гимназияга қилинган ҳужумда ҳалок бўлганлар сони камида 9 кишини ташкил этмоқда. Бу ҳақда 11 май куни кечга яқин Татаристон президенти Рустам Минниханов маълум қилди. Унга кўра, ҳалок бўлганлардан 7 нафари ўқувчилардир.

“Биз етти болани йўқотдик. Улар 8-синфда ўқиган тўрт ўғил ва уч қиз бола. Бундан ташқари бир нафар ўқитувчи ва мактабнинг яна бир ходими ҳам ҳалок бўлди”,-деди Татаристон президенти.

Расман билдирилишича, ҳужум пайтида 21 киши яраланган. Улардан 18 нафари мана шу мактабда ўқиган болалардир.

Мактабга қурол билан бочстириб кириб ўқ отган 19 ёшли шахс қўлга олингани маълум қилинди. У Қозон шаҳрида яшагани ва аввал 175-гимназияда ўқигани айтилмоқда.

Татаристонда 12 май мотам куни сифатида эълон қилинди.