Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Қирғизистон халқига ҳамдардлик билдирди

Абдулазиз Комилов Тошкентдаги Қирғизистон элчихонасида.

Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов 3 май куни Қирғизистоннинг Тошкентдаги элчихонасига борди ва Қирғизистон ҳалқига ҳамдардлик билдирди.

Ташқи ишлар вазирлигининг билдиришича, Комилов “Қирғизистон-Тожикистон давлат чегарасида юз берган фожиали воқеалар юзасидан чуқур чуқур ҳамдардлик билдириб”, элчихонадаги таъзия китобига тегишли қайдни киритган.

Қирғизистон ҳукумати аввалроқ 28,29,30 апрель ва 1 май кунлари давом этган отишмаларда Қирғизистон томонидан 34 киши, жумладан, 13 ёшли қизалоқ ҳалок бўлганини, 180дан ортиқ одам яраланганини эълон қилган.

Қирғизистон ҳукуматининг билдиришича, дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, низо оқибатида Боткен вилоятида 78 та турар жой, 2 та мактаб, 1 фельдшерлик пункти, 1 болалар боғчаси, 1 ИИБ биноси, 3 та чегара заставаси, 10 АЁҚШ, 8та магазин ёниб кул бўлган.

Тожикистон ҳукумати Сўғд вилояти Бобожон Ғофуров туманидаги Сурх, Ворух, Чорку ва Овчи-Қалъача қишлоқларида Қирғизистон билан тўқнашувлар чоғида 14та уй тўлиқ вайрон бўлгани, 2та турар жой қисман зарарлангани ҳақида маълум қилди.

Озодлик радиоси тожик хизмати ўз манбаларига таянган ҳолда низода Тожикистоннинг 16 фуқароси ҳалок бўлгани ва 90 нафари жароҳатланганини маълум қилган. Тожикистон ҳукумати ўлганлар ва яраланганлар тўғрисида шу кунгача маълумот бермади.