Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Facebook ижтимоий тармоғида Афғонистонда ўзбек тилининг тақиқлангани тўғрисида тарқалган хабарлар “ҳақиқатга зид” эканини билдирди. Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Юсуп Кабулжанов 31 август куни бу ҳақда расмий ахборот берди.
“Шуни маълум қиламанки, Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги вакилининг “Толибон” Ҳаракати расмий раҳбарияти билан бўлиб ўтган суҳбати чоғида ушбу ахборотнинг ҳақиқатга зидлиги таъкидланди”,-дейилади расмий ахборотда.
Расмий вакилнинг билдиришича, Толибон вакили ўзбек тили, пушту ва дари тиллари билан бир қаторда, бундан буён ҳам “Афғонистоннинг расмий тилларидан бири бўлиб қолишини тасдиқлади”.
“Ўзбек тилини ўрганиш ва ривожлантиришга, толиблар расмий вакилининг маълумотига кўра, мамлакат янги раҳбарияти алоҳида эътибор қаратади”,-деб билдирди Юсуп Кабулжанов.
Аввалроқ Facebook тармоғида тарихчи ва таҳлилчи Анвар Назир Афғонистонда Толибон мамлакат мактабларида ўзбек тили дастурдан чиқариб юборгани, юзлаб ўзбек тили ўқитувчилари ишдан ҳайдалгани, Авлоний, Навоий ва ўзбек-турк муаллифлар китоблари кутубхоналардан олиб чиқилиб, ахлатга ташланаётгани ҳақида ёзган эди.