“Ташқи ишлар вазирлиги Ўзбекистон Республикаси ўз ҳудудида афғон қочоқларини қабул қилмаслигини, транзитда ёрдам кўрсатишини, уларнинг мамлакатда қатъий чекланган вақтда бўлиб туришини яна бир бор маълум қилади”- деб билдирди 30 август куни Ўзбекистон ТИВ.
Билдирилишича, вазирликнинг бундай баёнот тарқатишига 30 август куни интернет тармоғидаги айрим ахборот агентликлари ва веб-сайтлари орқали “Ўзбекистон Афғонистондаги Толибон режимидан қочганларга ўз чегараларини очишга тайёрлиги” ҳақидаги маълумотлар тарқалгани сабаб бўлган.
“Ҳозирда хавфсизликни таъминлаш мақсадида Ўзбекистон-Афғонистон чегараси тўлиқ ёпилган ва “Термиз” назорат-ўтказиш пунктидан қуруқлик орқали ўтиш амалга оширилмаяпти. Яқин орада Ўзбекистон-Афғонистон чегарасидаги “Термиз” назорат-ўтказиш пунктини очиш кўзда тутилмаган”,-деб огоҳлантирган вазирлик.
Аввалроқ Озодлик радиоси Reuters агентлигига таянган ҳолда Германия ташқи ишлар вазири Хайко Маас “Ўзбекистон Германия рўйхатидаги Толибондан қочаётган ва эвакуацияга муҳтож афғонларга чегарасини очишга тайёр”, - деб баёнот бергани ҳақида хабар қилганди.
30 август куни Хайко Маас Тошкентда ҳамкасби Абдулазиз Комилов билан учрашган.