Термизни халқаро транспорт-логистика ҳабига айлантириш режаси коррупция боис йўққа чиқди

Термиз халқаро савдо маркази бўйича "танлов" хулосаси эълон қилинган ишчи гуруҳ йиғилиши 2021 йилнинг 31 март куни Бош вазир Абдулла Арипов раислигида ўтказилди

Давлат бошқарувида кучайиб бораëтган коррупция боис ўзбек-афғон чегарасида транспорт-логистика маркази қуриш ва Ўзбекистонни халқаро юк ташувлари йўлидаги муҳим ҳабга айлантириш ғояси барбод бўлди.

Озодлик билан шахси сир қолишини сўраб гаплашган сурхондарëлик тадбиркорлар ва транспорт-логистика мутахассислари ана шундай иддаони илгари сурди.

Шавкат Мирзиëев 2018 йили "Термиз" эркин иқтисодий зонаси ташкил этиш ҳақида фармон чиқарган ва Ўзбекистоннинг транспорт-логистика потенциалини рўëбга чиқариш режаси унинг марказига қўйилган эди.

2019 йили Бош вазир Абдулла Арипов бу фармон асосида "Термиз" эркин иқтисодий зонаси дирекцияси тузиб¸ уни бошқаришни транспорт-логистика маркази яратиш ғояси муаллифи "Surkhan Global Trade" МЧЖга берган эди.

Аммо 2020 йил 13 мартида Шавкат Мирзиëевнинг 2018 йилги фармони бекор қилинди. Бекор бўлган фармони ўрнига Мирзиëев 2020 йил 12 ноябрь куни яна бир янги фармон чиқарди.

Унга кўра¸ «Термиз» эркин иқтисодий зонаси ўрнига «Термиз халқаро савдо маркази» эркин савдо зонаси тузиладиган бўлди; тўғридан-тўғри инвестиция ҳисобига қурилиши керак бўлган лойиҳа давлат маблағи ҳисобига амалга ошириладиган бўлди – Мирзиëев Молия вазирлигига 20 миллион доллар кредит ажратишни буюрди. Лойиҳа устидан назорат яна давлатнинг бир гуруҳ амалдорларига топширилди.

Ушбу фармон асосида жорий йил бошида «Термиз халқаро савдо маркази» объектларини лойиҳалаш, қуриш ва сотишни ташкил этиш бўйича¸ гўë танлов эълон қилинди.

Танловга иккаласи ҳам БИР ШАХСга қарашли икки маҳаллий МЧЖ қўйилди. Улардан бири - кейинги йилларда Сурхондарëдаги барча йирик қурилишларни қўлга киритиб келаëтган “Сурхон саноат-таъминот” МЧЖ тендерда ғолиб деб топилди.

Озодлик гаплашган танловга яқин тадбиркорлар¸ 20 миллион долларлик маблағнинг каттагина қисми лойиҳа бошланмай туриб, “Сурхон саноат-таъминот” МЧЖнинг давлат ҳокимиятида ўтирган ҳомийларига пора сифатида берилганини иддао қилди.

Озодлик манбалари¸ Сурхондарë вилоят ҳокими ўринбосаридан президент администрациясига қадар элтувчи бу коррупцион занжир Ўзбекистоннинг яна бир иқтисодий салоҳиятини йўққа чиқариш ва давлатнинг миллионлаб доллар маблағининг изсиз йўқолишига олиб келишидан хавотирда.

Озодлик мазкур лойиҳага алоқадор мулозимлардан бу иддаоларга муносабат ололмади.

Сохталаштирилган тендер

2021 йилнинг 31 март куни Бош вазир Абдулла Арипов раҳбарлик қилувчи ишчи гуруҳларидан бирининг мажлиси бўлиб ўтди.

Унда ўзбек-афғон чегарасида жойлашган “Айритом” маҳалласидаги 26 гектарлик ҳудудда “Термиз халқаро савдо маркази” объектларини лойиҳалаш, қуриш ва сотишни ташкил этиш бўйича ўтказилган “танлов” иштирокчиларининг таклифи тингланди.

Мавзуга алоқадор 2020: Коррупция ва манфаатлар тўқнашувига оид саволларни жавобсиз қолдириш ҳукумат стратегиясига айланди

22 январь куни Сурхондарë вилоят ҳокимлигининг Телеграм каналида эълон қилинган бу танловда¸ расмий хабарга кўра¸ учта йирик қурилиш компанияси ўз лойиҳаси билан қатнашган. Улардан бири¸ номланишига кўра¸ Хитойнинг “Beijing Xinshiyuan Technology Development Co.Ltd” компанияси. Қолган иккитаси маҳаллий - “Сурхон саноат-таъминот” МЧЖ ва “Fabullo stroy servis” МЧЖ.

"Термиз халқаро савдо маркази" бўйича ўтказилган "танлов"га қўйилган иккала маҳаллий МЧЖ аслида битта компания - "Сурхон саноат қурилиш" компаниясининг таркибий қисмидир.

Бу иккала маҳаллий МЧЖ эса аслида битта юридик шахс –«Сурхон саноат қурилиш» компанияси таркибига киради. Таъсис ҳужжатига кўра¸ “Сурхон саноат қурилиш компанияси” бирлашма шаклидаги қурилиш компаниялари уюшмасидир.

Ўзбекистон Республикасининг тендер ва танлов ўтказишга оид қонунчилиги эса¸ битта тендер ëки танловда битта иштирокчининг биттадан ортиқ таклиф беришини тақиқлайди.

Аммо 31 март кунги мажлисда Абдулла Арипов¸ қолаверса ишчи гуруҳ таркибига кирган вазирлик ва идоралар раҳбарлари қонунчиликка зид равишда¸ «Сурхон саноат қурилиш» компаниясига қарашли икки МЧЖ таклифини гўë рақобатчи талабгор сифатида тинглаб¸ сўнгра “Сурхон саноат-таъминот”ни ғолиб деб эълон қилди.

“Танлов” олди ва ортидаги олди-бердилар

Ўзбекистон-Афғонистон чегарасидаги 26 гектарлик ҳудудда давлатнинг 20 миллион долларига савдо маркази қуриш топширилган¸ аниқроғи унинг эгаси¸ сурхонликлар орасида машҳур шахс.

“Сурхон саноат-таъминот” ва “Fabullo stroy servis” МЧЖларни бирлаштирувчи "Сурхон саноат қурилиш" компанияси эгаси Баҳодир Қодиров 31 март кунги ҳукумат йиғилишида ўз лойиҳасини тақдим қилмоқда

Жойлашуви нуқтаи назаридан стратегик аҳамиятга эга бу вилоятдаги аксар каттаю кичик қурилиш лойиҳалари, ўз сайтидаги маълумотларга кўра, Мирзиëев ҳокимиятга келганидан бери 2016 йилда ташкил этилган айнан шу компанияга бериб келинмоқда. Бу компания кейинги йилларда нафақат йирик қурилиш лойиҳалари¸ балки вилоятдаги қурилиш маҳсулотлари бозорини ҳам ўз монополиясига айлантирган.

Расмий маълумотга кўра¸ Термиз халқаро аэропорти, Сурхондарё вилоят давлат архиви биноси, Термиз туманида 100 ўринли махсус шифохона ва 1000 ўринга мўлжалланган вақтинчалик беморларни сақлаш объектларини ҳам айни шу «Сурхон саноат қурилиш» компанияси қурган.

«Сурхон саноат қурилиш» компанияси бошқаруви раиси ва компаниянинг расмий мулкдори 49 яшар Қодиров Баҳодир Тўхтаевичдир. 2004 йилга қадар Термиз шаҳар ҳокимлиги капитал қурилиш бошқармаси бош муҳандиси бўлиб ишлаган Қодиров¸ 2004 йилдан хусусий тадбиркорга айланган. Каримов даврида тўлиғича МХХ назоратида бўлиб келган Сурхондарëдаги мудофаа объектларини қуриш билан айнан Қодиров ширкатлари шуғулланган.

2020 йил январида Сурхондарë халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларининг қўшма мажлисида Қодиров вилоят ҳокими Тўра Боболов ва “Ўзгидроэнерго” раиси Абдуғани Сангинов билан бирга Ўзбекистон Олий Сенати аъзосига айланди. Сурхоннинг 1-рақамли қурувчиси сенаторга айланиш билан дахлсизлик мақомини ҳам қўлга киритди.

Қодиров президент Шавкат Мирзиëевга бевосита таниш шахс – у президентнинг Сурхондарëга қиладиган ташрифлари чоғида унга ўз бизнес лойиҳаларини тақдим қиладиган кам сонли тадбиркорлар гуруҳига мансуб.

Сурхондарëнинг бош қурувчиси Баҳодир Қодиров Шавкат Мирзиëевга ўз лойиҳаларидан бирини тақдим этмоқда.

Озодлик билан шахси сир қолишини сўраб гаплашган сурхондарëлик айрим тадбиркорлар¸ сенатор-қурувчининг “Термиз халқаро савдо маркази” лойиҳасини коррупцион схема асосида қўлга киритганини иддао қилади.

Улар таъкидича¸ "Қодиров ўз қудратли ҳомийлари ва катта пора воситасида президентнинг «Термиз» эркин иқтисодий зонаси ташкил этиш фармони¸ бу қарор асосида Ариповнинг мазкур лойиҳани "Surkhan Global Trade" МЧЖга бериш қарорини бекор қилишга эришган".

Озодлик суҳбатдошлари¸ сенатор Баҳодир Қодировнинг бош ҳомийси сифатида Ўзбекистон президенти администрациясининг асли сурхондарёлик юқори мартабали мулозими номини тилга олди.

"Президентнинг ўзи чиқарган фармонини яна ўзига бекор қилдириш учун унга таъсир кўрсата оладиган куч керак. Буни унинг ёнидаги қудратли одамгина қила олади”¸ - дейди бу жараëнга бевосита алоқадор сурхондарёлик тадбиркор.

Суҳбатдош иддаосича¸ “Термиз халқаро савдо маркази” лойиҳаси 31 март кунги қарор билан Қодиров компаниясига берилиши ортидан¸ Тўра Боболов Тошкентда яна бир ҳовлилик¸ Анвар Орипов эса¸ уч хонали квартиралик бўлган. Иккала кўчмас мулк ҳам уларнинг яқин қариндошлари номига расмийлаштирилган. Бу олди-бердидан бевосита хабардор тадбиркорга кўра¸ Боболовга “совға” қилинган ҳовлининг бозор баҳоси 1 миллион АҚШ долларидан баланддир. Озодлик ихтиëрида бу уйнинг олди-сотди шартномаси ва кадастр ҳужжатлари ҳозирча йўқлиги боис¸ Боболов ва Ориповга пора сифатида берилгани иддао қилинаëтган кўчмас мулклар аниқ манзили эълон қилинмаëтир. Аммо Озодлик ихтиёридаги маълумотга кўра, ушбу коррупцион ҳолат юзасидан сурхондарёлик тадбиркорлар ҳукумат ишчи гуруҳига мурожаат қилган. Ушбу мурожаат кўрилган-кўрилмагани борасида Озодликда маълумот йўқ.

Озодлик мавзуни ўрганиш жараëнида Сурхондарë вилояти ҳокимлиги¸ шунингдек¸ «Сурхон саноат қурилиш» компанияси расмийларидан бу иддаоларга муносабат ололмади - мулозимлар на хизмат ва на мобиль телефонларига жавоб берди.

“Майда арбобларга ем бўлган катта ғоя”

Ўзбекистон-Афғонистон ҳудудида йирик халқаро транспорт-логистика маркази қуриш ғояси Шавкат Мирзиëевни ислоҳотчи қилиб кўрсатиш кампанияси авжига чиққан 2018 йил ëзида Тошкент ҳукуматига тақдим этилган.

Ўзбекистон Халқаро экспедиторлари уюшмасининг ҳукуматга киритган кенг қамровли таклифида хусусан¸ мамлакатнинг жуғрофий жойлашуви берган имкондан фойдаланиб¸ уни минтақавий транспорт ҳабга қайлантириш ғояси илгари сурилган.

Озодликда нусхаси бор бу таклифда хусусан¸ Сурхондарë вилоятида эркин савдо ҳудуди ва халқаро транспорт-логистика маркази ташкил этишнинг иқтисодий ва геосиëсий самараси алоҳида қайд этилган.

Ғоя муаллифлари¸ ўзбек-афғон чегарасида Қозоғистон ва Хитой ўртасидаги Хоргос трансчегаравий транспорт ва савдо ҳаби каби марказ яратишни таклиф қилади.

Бугунга келиб Хоргос¸ Хитой товарларининг қолган дунë¸ хусусан¸ Европага тарқалишидаги энг муҳим транспорт йўналишига айланди ва қозоқ иқтисодига юзлаб миллион долларлик фойда келтириш баробарида Қозоғистоннинг геосиëсий позициясини мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.

Хоргос нусхасида Сурхондарëда яратиш таклиф этилган марказ¸ муаллифлар таъкидича¸ Марказий Осиëда интергациялашган ягона кўп тармоқли транспорт-савдо ҳаби¸ ҳамда Жанубий¸ Жануб-шарқий Осиë¸ Европа¸ Яқин ва Ўрта Шарқ орасидаги белгиловчи транзит нуқтасига айланиш потенциалига эга.

Биз бу ҳабни 100 фоиз хусусий инвестиция эвазига қуришни режалагандик. 100 миллион доллар сармоя киритадиган инвесторларни топгандик. Аммо Сурхондарëни ўз назоратига олган шахсларга бу таклиф ëқмади. Уни йўққа чиқаришди. Ўрнига¸ афғон билан чегарада савдо маркази ва меҳмонхона қурадиган бўлишди. Ўзбекистонни жаҳон харитасига муҳим транспорт ҳаби¸ минтақани Ҳинд океанига олиб чиқадиган транзит коридорига киритиш ғояси ўлди шу билан. Давлат магазин ва меҳмонхона қуриш даражасига туширилди".

Суҳбатдошнинг таъкидича, ЕТТБ ва ОТБ банклари ушбу лойиҳа тақдирини яқиндан кузатмоқда ва бу халқаро молия институтлари давлатнинг эҳтимолий иштирокидан хавотирда.

"Нормал дунëда давлат бизнес билан шуғулланмайди. Давлат фақат шахсий компаниялар учун бизнес моделлари ва қоидаларини ишлаб чиқади. Қаерда давлат проектларга бевосита иштирок этса, ўша ерда коррупция, ўша ерда офшор компанияли ривож топиб, давлат бюджети емирилади¸ талон-торож бўлади. Сурхондарëдаги лойиҳани ЕТТБ ва ОТБ банклари жуда эътибор билан кузатиб туришибди. Агарда бу ишларни давлат амалга оширса¸ бу банклар бу проектдан воз кечишади”¸ - дейди Термизда транспорт-логистика ҳаби яратиш ғояси муаллифларидан бири.

2020 йилнинг 12 ноябрь куни чиқарилган “Сурхондарё вилояти ва Тошкент шаҳрида махсус иқтисодий ва кичик саноат зоналари фаолиятини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги президент фармони 2018 йилги фармонга кўра тузилган “Термиз” эркин иқтисодий зонаси ҳудудини қисқартиришни кўзда тутади.

Бунинг эвазига эса¸ айни ҳудудда “Термиз халқаро савдо маркази” қурилади.

Ўзбекистоннинг Тикланиш ва тараққиёт жамғармасидан ажратиладиган 20 миллион долларлик кредитга марказ ҳудудида 260 та савдо нуқтаси, 2 та меҳмонхона, 2 та даволаниш муассасаси, дам олиш ва истироҳат боғи ташкил этилади.

Расмий хабарга кўра¸ “26 гектар майдонда барпо этиладиган марказда ишлаб чиқарувчилар, экспорт қилувчилар ва харидорлар учун замонавий технологиялар асосида маҳсулотларни қабул қилиш, сақлаш, қайта ишлаш, саралаш, қадоқлаш, транспорт ва бошқа замонавий хизматлар инфратузилмаси яратилади.

Афғонистон фуқаролари ва ушбу давлат ҳудудидан кирувчи бошқа мамлакат фуқаролари ҳамда фуқаролиги бўлмаган шахслар учун Ўзбекистонга кириш визасини расмийлаштирмасдан, 10 кун давомида ушбу марказ ҳудудига кириш, унда бўлиш ва чиқиш тартиби жорий қилинади”.

2021 йилнинг апрель ойида фойдаланишга топширилиши белгиланган “Термиз халқаро савдо маркази”нинг очилгани ҳақида 2021 йилнинг май ойи охирига келиб ҳам бирор хабар йўқ.