Таъсисчиси Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги бўлган “Дунё” ахборот агентлиги келиб чиқиши ўзбек бўлган афғон маршали Абдулрашид Дўстум ва бошқа қатор афғон расмийлари Ўзбекистон ҳудудидан бошпана топгани тўғрисида тарқатилаётган хабарлар асоссиз эканини билдирди.
“Сўнгги пайтларда оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда Афғонистоннинг айрим арбоблари ва этник гуруҳлари раҳбарлари Ўзбекистон ҳудудида бўлиб тургани тўғрисидаги хабарлар тарқатилмоқда. Хусусан, уларда Ашраф Ғани, Абдурашид Дўстум, Ота Муҳаммад Нур ва бошқаларнинг номлари тилга олинмоқда. Расмий маълумотларга кўра, бундай хабарлар ҳақиқатга тўғри келмайди”, -дейилади қисқа хабарда.
Аввалроқ Озодлик Reuters, РИА Новости, ТАСС агентликлари ва Тошкентдаги “Газета.uz” нашри ўз манбаларига таянган ҳолда Абдулрашид Дўстум ва ва Балх вилоятининг собиқ ҳокими бўлган тожиклар етакчиси Муҳаммад Нур Афғонистондан Ўзбекистонга қочиб ўтгани тўғрисида хабар берганини ёзганди.
Озодлик хабарида Ўзбекистон ҳукумати бу маълумотни тасдиқламагани ва айни пайтда рад этмагани таъкидланган.
14 август куни Ташқи ишлар вазирлиги Афғонистоннинг 84 ҳарбийси Ўзбекистон давлат чегарасини кесиб ўтгани ва уларга бошпана берилиб, тиббий ёрдам кўрсатилгани ҳақида билдирган.