Тинчлик бўйча Нобель мукофотига 300 дан ошиқ номзод кўрсатилди

Нобель Тинчлик мукофотига Беларусь мухолифати лидери Светлана Тихановская ва Россия мухолифати лидери Алексей Навальний ҳам кўрсатилди.

Норвегия Нобель қўмитаси 2021 йилги Тинчлик бўйича Нобель мукофотига 329 номзод кўрсатилганини маълум қилди.

2016 йилда мукофотга рекорд 376 номзод кўрсатилган эди. Бу йилги номзодлар орасида 234 шахс ва 95 ташкилот бор.

«Бу Нобель тинчлик мукофотига халқаро миқёсда катта қизиқиш борлигини кўрсатади», - деди Норвегия Нобель қўмитаси котиби Олав Ньёльстад.

«Эҳтимол, бу дунёда ҳал қилинмаган қатор можаро, уруш ва инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ муаммолар мавжудлигини акс эттиради», - дея қўшимча қилди котиб.

Қўмита номзодларни ошкор қилмайди. Аммо мукофотга номзод кўрсатганлар – давлат раҳбарлари ёки юқори лавозимли сиёсатчилар, университет профессорлари, ташқи сиёсат институтлари директорлари, ўтмишда Нобель мукофотига сазовор бўлганлар ва Норвегия Нобель қўмитаси аъзолари – кимни соврин учун номзод ўлароқ тақдим этганларини маълум қилишлари мумкин.

2021 йилги номзодлар орасида Россия мухолифати етакчиси Алексей Навальний, қувғиндаги Беларусь мухолифати раҳбари Светлана Тихановская, швед иқлим фаоли Грета Тунберг ва АҚШ ҳуқуқ ҳимоячиси Стейси Абрамслар бор.