Сурхондарёда блогер Отабек Сатторийга нисбатан қўзғатилган жиноят ишини тергов қилиш жараёни якунланди. Бу ҳақда ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти 1 март куни маълум қилди.
Расман билдирилишича, терговда Отабек Сатторий 2020 йилнинг июнь ойидан 2021 йилнинг январь ойига қадар бўлган вақт оралиғида “фуқароларнинг сир сақланиши лозим бўлган маълумотларини ошкор қилиш билан қўрқитиб ўзгадан мулкини, мулкий ҳуқуқини топширишини, мулкий манфаатлар беришини, мулкий йўсиндаги ҳаракатлар содир этишини талаб қилиб” келгани аниқланган.
Тергов департаменти баёнотида Отабек Сатторий Интернет тармоғи орқали Исроил Х., Мастона А., Насиба Н., Тўхтамиш К., Ўткир Т., Ашур Х., Зокиржон Х., Лочин Т.,ларга нисбатан “туҳмат қилиш, ҳақорат қилиш каби жиноятларни содир этган”.
“Олиб борилган тергов ҳаракатлари натижасига кўра, Сурхондарё вилояти ИИБ ҳузуридаги Тергов бошқармаси томонидан 2021 йилнинг 24 февраль куни Сатторий Отабек Абдуманонзодага Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 165-моддаси 2-қисми “а”,“б” бандлари ва 3-қисми “а” банди (Товламачилик), 139-моддаси 3-қисми “а,г” бандлари (Туҳмат) ҳамда 140-моддаси 3-қисми “а” банди (Ҳақорат қилиш) билан аввалги айблов тўлдирилиб, шу куни дастлабки тергов тамомланган”,-дейилади билдирувда.
Айни пайтда блогер коррупцияга қарши курашгани ортидан сохталаштирилган жиноят иши доирасида қамоқда сақланмоқда деган фикр ҳам мавжуд.
Жумладан, бош қароргоҳи Нью-Йоркда жойлашган Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси - CPJ Ўзбекистон ҳукуматини ҳибсга олинган блогер Отабек Сатторийни озод қилишга чақирди. Ташкилотнинг ишонишича, блогер коррупцияга қарши курашгани ортидан соҳталаштирилган жиноят иши асосида қамоққа олинган.
Отабек Сатторий Термиз шаҳрида 30 январь куни қўлга олинган эди. Суд уни айбдор деб топса, у 10 йилгача қамалиши мумкин.