Душанбеда Қирғизистон президенти Садир Жапаров ва Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон учрашуви якунланди. Аввалроқ Озодлик радиоси тожик ва қирғиз хизматлари икки давлат президентлари музокараси 6 соатдан бери давом этаётганини билдирганди. Ҳолбуки, расман учрашув учун 1 соату 40 дақиқа вақт ажратилгани эълон қилинганди.
6 соатлик учрашувдан сўнг президентлар икки давлат ўртасидаги пенсия таъминоти ва ижтимоий ҳимоя, давлат хизмати, ёшлар сиёсати бўйича ҳамкорлик ва миллий ахборот агентликлари ўртасидаги ҳамкорлик тўғрисидаги битимларни имзолаганлар.
Садир Жапаровнинг Душанбега 28 июнь куни расмий ташриф билан борган. 29 июнь куни музокаралар бошланган.
Садир Жапаровнинг Тожикистонга расмий ташрифи май ойининг биринчи ярмида бўлиб ўтиши керак эди, бироқ 28-30 апрель ва 1 май кунлари тожик-қирғиз чегарасида қуролли тўқнашув содир бўлгани ортидан бу ташриф қолдирилган. Қирғизистон можародан сўнг Тожикистон билан чегарасини бир томонлама тартибда ёпган.
28-30 апрель ва 1 май кунлари Қирғизистон-Тожикистон чегарасидаги қуролли можародан сўнг икки давлат ўртасидаги муносабатлар кескин совуқлашган эди.
Қирғизистон Тожикистонни агрессияда айблаган. Тожикистон эса чегарадаги низога қирғиз томони сабаб бўлганини билдирган. Можарода Қирғизистонда 36 киши, Тожикистонда 19 киши ҳалок бўлган.