Тожикистон ҳукумати қўшинларнинг тайёргарлигини текшириш мақсадида ўз армиясини юқори жанговар шайликка келтиргани тўғрисида маълум қилди.
Президент Эмомали Раҳмон фармонига асосан Тожикистон юз минг аскарни, захирадаги 130 минг ҳарбийни, ҳуқуқ-тартибот тузилмалари ходимларини мобилизация қилди.
Жанговар шайликни текшириш амалиёти 22 июнда ўтказилди. Бу Тожикистоннинг сўнгги 30 йиллик тарихида илк бор ўтказилаётган кенг кўламли текширув бўлди.
Текширув жараёнида захирадаги 20 минг аскар чегара қўшинлари таркибини мустаҳкамлаш мақсадида Тожикистон-Афғонистон чегарасидаги ҳарбий қисмларга жўнатилди.
Аввалроқ Ўзбекистон ҳарбийлари Тожикистон ва Россия Қуролли кучлари билан ҳамкорликда Тожикистон-Афғонистон чегараси ҳудудида 1 августдан 10 августгача қўшма ҳарбий машғулот ўтказиши билдирилган.