Тожикистон ички ишлар вазири Рамазон Раҳимзода Душанбе бундан буён афғонистонлик қочқинларни қабул қила олмаслиги тўғрисида расмий баёнот берди. Айни пайтда минглаб афғон қочқинлари мамлакатни тарк этиш илинжида қўшни давлатлар чегарасида тўпланган.
Раҳимзоданинг айтишича, Тожикистон ҳукумати афғон қочқинларини қабул қилиш имкониятига эга эмас.
Тожикистон бу борада халқаро ташкилотлар, жумладан, БМТнинг молиявий қўллаб-қувватлашига муҳтож бўлади.
Раҳимзода ҳозирда камида 80 оила Афғонистондан Тожикистонга қочиб ўтиш учун чегарада турганини таъкидлади.
Сўнги 15 йил ичида Тожикистон Афғонистондан уч мингдан кўпроқ оилани қочқин сифатида қабул қилган. Улар учун Тожикистон 70 гектар майдонни қочқинлар лагери сифатида ажратиб берган.
Раҳимзодага кўра, шу давр мобайнида бирорта халқаро ташкилот Тожикистонга қочқинлар учун инфраструктурани шакллантириш учун кўмак кўрсатмаган.