Тожикистон ССВ Сўғд вилоятида 60 яшар беморнинг вафот этганига оид хабарни изоҳлади

Тожикистон соғлиқни сақлаш вазирлиги Сўғд вилояти Жаббор Расулов туман марказий шифхонасида 60 ёшли беморнинг вафот этгани тўғрисидаги Озоди радиоси хабарини тасдиқлади. Хабарларга кўра, бемор эркак 31 март куни пневмониядан вафот этган.

Жаббор Расулов туман марказий шифхонасини карантинга ёпилган. Сўғд вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси вакили 6 апрель куни тиббиёт ходимлари ва вафот этган эркакнинг қариндошлари Хўжанд шаҳар юқумли касалликлар шифохонасида карантинда эканлигини тасдиқлади. Коронавирусга оид илк ташхислар манфий натижани кўрсатган.

Тожикистон Соғлиқни сақлаш вазирлигининг баёнотига қараганда, Жаббор Расулов туманида яшаган эркакнинг ўлими пневмония натижасида юз берган, у коронавирусни юқтирмаган. Вазирликнинг таъкидлашича, туман марказий шифохонаси ходимлари карантинга олинди – уларнинг тана ҳарорати юқори, аммо саломатлиги яхши.

Тожикистон соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот котиби Бибихонум Дарвешзоданинг 6 апрель куни маълум қилишича, Жаббор Расулов туманида вафот этган эркак аввалроқ коронавирусга тест топширган ва ташхис манфий натижани кўрсатган. У Жаббор Расулов туман марказий шифохонаси ходимлари карантинда эканлигини тасдиқлади. Унинг айтишича, бош шифокор ўринбосари Алишер Абдукаримовнинг тана ҳарорати юқори бўлгани боис, у ҳамкарантинга юборилди. Бироқ, унинг айтишича, Абдукаримовнинг саломатлигини "таҳликали" деб бўлмайди.

Жаббор Расулов туманида яшовчи эркакнинг вафоти тўғрисидаги хабар ижтимоий тармоқларнинг тожик сегментида баҳс-мунозараларга сабаб бўлди. Кўпчилик ҳақиқий хабарни яширганликда хукуматни айбламоқда. Айримлар Тожикистондаги туман шифохоналарида коронавирус тести ўтказилаётганига шубҳа қилмоқда.

Бироқ, Тожикистон соғлиқни сақлаш вазирлигининг расмий вакили, Жаббор Расулов тумани, шунингдек мамлакатнинг бошқа тиббиёт муассасаларида карантин жорий қилинганини маълум қилди. У мамлакатда коронавирус йўқлиги борасида хукумат берган баёнотга шубҳа қилмасликни сўради, ҳамда коронавирус гумонида бўлган 22 беморнинг тести Лондонга юборилганини сўзига қўшимча қилди. "Биз жавоб олдик: тестлар манфий натижани кўрсатди", дея таъкидлади Бибихонум Дарвешзода. Унинг хабарига кўра, карантиндаги беморларни даволаётган шифокорларнинг ўзи ҳам қоидага кўра икки ҳафталик карантинга жойлаштирилган.