Тожикистон Ички ишлар вазирлиги 2014 йилда Чехиянинг ўқ-дори омборидаги портлашга алоқадор экани айтилаётган рус агенти ишлатган тожик паспортини Тожикистон ҳукумати бермаганини маълум қилди.
Ўтган ҳафта охирида Чехия ҳукумати мамлакатга Россия фуқароси ўлароқ кирган икки шахс – Руслан Боширов ва Александр Петровлар сохта паспортлардан фойдаланганини иддао қилди.
Чехия ҳукумати иддаосича, бу икки шахс Руслан Табаров исмига берилган Тожикистон паспорти ва Николай Попа исмига берилган Молдова паспортидан фойдаланиб, Врбетице қишлоғида жойлашган ўқ-дори омборига борган.
Чехия бу икки шахсни омборда содир бўлган портлашда айбламоқда.
23 апрель куни Тожикистон Ички ишлар вазирлиги эълон қилган баёнотга кўра, 1975 йилда туғилган Руслан Табаров исмли шахсга ҳеч қачон Тожикистон паспорти берилмаган.
Ушбу баёнотдан уч кун олдин Молдованинг Давлат хизматлари агентлиги 2014 йилги портлашда айбланаётган иккинчи Россия агенти томонидан ишлатилган Молдова паспорти аслида бошқа шахсга берилгани, аммо паспортдаги маълумотлар ўзгартирилганини билдирди.
Чехия терговлари ортидан Прага ва Москва ўртасида кескин зиддият юзага келди.