Тожикистон ҳукумати Сўғд вилояти Бобожон Ғофуров туманидаги Сурх, Ворух, Чорку ва Овчи-Қалъача қишлоқларида Қирғизистон билан тўқнашувлар чоғида 14та уй тўлиқ вайрон бўлгани, 2та турар жой қисман зарарлангани ҳақида маълум қилди.
Тожикистон ҳукуматига қарашли «Ховар» агентлиги Сўғд вилоят расмийларига таянган ҳолда Овчи-Қалъача қишлоғида бир мактаб биносига зиён етганини ҳам билдирди.
Хабарда таъкидланишича, Тожикистон томони низо ҳудудидан 15 мингга яқин одам эвакуация қилинганини ёзди.
Озодлик радиоси тожик хизмати ўз манбаларига таянган ҳолда низода Тожикистоннинг 16 фуқароси ҳалок бўлгани ва 90 нафари жароҳатланганини маълум қилган. Тожикистон ҳукумати ўлганлар ва яраланганлар тўғрисида шу кунгача маълумот бермади.
Қирғизистон ҳукумати аввалроқ 28,29,30 апрель ва 1 май кунлари давом этган отишмаларда Қирғизистон томонидан 34 киши, жумладан, 13 ёшли қизалоқ ҳалок бўлганини, 180дан ортиқ одам яраланганини эълон қилган.
Қирғизистон ҳукуматининг билдиришича, дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, низо оқибатида Боткен вилоятида 78 та турар жой, 2 та мактаб, 1 фельдшерлик пункти, 1 болалар боғчаси, 1 ИИБ биноси, 3 та чегара заставаси, 10 АЁҚШ, 8та магазин ёниб кул бўлган.