Тожикистон Бош санитар врачининг фармойишига биноан, мамлакат ҳудудларига коронавирус киришининг олдини олиш мақсадида 16 та мамлакатдан келган Тожикистон ва хорижий давлат фуқаролари 14 кунлик карантинга жойлаштирилади.
Бу ҳақда 18 мартда мамлакат ташқи ишлар вазирлиги хабар қилди.
Бош санитар врачнинг фармойишига кўра Хитой, Эрон, Италия, Корея Республикаси, Афғонистон, Франция, Испания, Швеция, Швейцария, Буюк Британия, Норвегия, Нидерландия, Германия, Бельгия, Дания ва АҚШдан келган Тожикистон ва бошқа хорижий давлат фуқаролари 14 кунга карантинга жойлаштирилади.
Бундан аввал карантин Хитой, Эрон, Италия, Жанубий Корея ва Япониядан мамлакатга келганлар учун мажбурий эди.
Жаҳонда 18 март кунги эрталабки ҳолатга кўра коронавирусга чалинганлар сони 193 186 кишига етди, 7865 киши вафот этди. Айни дамда бир нечта мамлакатда вакцина яратиш борасида фаол ҳаракатлар олиб борилмоқда.
Тожикистон соғлиқни сақлаш вазирлигининг баёнотига қараганда, мамлакатда коронавирус инфекциясига чалинган беморлар қайд қилинмади.