Тожикистон Республикасида таҳсил олаётган ўзбекистонлик талабаларнинг қўшни мамлакатга киришига рухсат берилгани тўғрисида Сариосиё тумани ҳокимлиги ахборот хизмати 2 ноябрь куни билдирди.
Расмий хабарда таъкидланишича, Тожикистон ҳукумати Сариосиё божхона чегара пости орқали кунига 50 нафардан ортиқ бўлмаган талабанинг ўтишига рухсат берган.
Ҳозирча бошқа чегара постларидан қанча талабалар киришига рухсат берилганлиги бўйича маълумотлар мавжуд эмас.
Талабалар Тожикистон Республикасига кириш учун фуқаролик паспорти нусхаси, талабалик гувоҳномаси ҳамда сўнги 72 соатда коронавирус инфекцияси аниқланмаганлиги тўғрисида тест таҳлили натижасини божхона пости масъулларига топширишлари талаб қилинади.
Тожикистонда коронавирус пандемияси тарқалишини олдини олиш ҳамда мамлакатда президентлик сайловлари ўтказилиши муносабати билан мамлакатга киришни чеклаш тартиби жорий этилган эди.
Сариосиё тумани ҳокимлиги ахборот хизматининг билдиришича, мазкур чеклов бугунги кунгача давом этмоқда.