Қирғизистоннинг Боткен вилоят Лайлак туман суди Қирғизистон - Тожикистон чегарасида 28 апрелдан 1 майгача давом этган отишма юзасидан қўзғатилган жиноят иши доирасида уч нафар қирғизистонликни узоқ йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилди.
Озодлик радиоси қирғиз хизмати - Азаттиқнинг 21 сентябрда хабар беришича, Лайлак туманида яшаган Акмалжон Исоев 15 йилга, Аюбжон ва Омонжон (фамилияси ҳозирча Азаттиққа маълум эмас) 8,5 йилга кесилди.
Улар чегарадаги отишмалар пайтида қишлоқлардан қочган қирғизистонликларнинг уйларини талашда Тожикистон фуқароларига кўмаклашганликда айбдор деб топилди.
15 сентябрда Боткен суди вилоят суди Тожикистоннинг икки фуқароси – Асқар Юнусов ва Абдурозиқ Қаххоровни умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилган эди.
Асқар Юнусов ва Абдурозиқ Қаххоров апрель-май ойларида Қирғизистон-Тожикистон чегарасидаги отишма пайтида қўлга олинган.
Тожикистон-Қирғизистон чегарасида 28 апрелдан 1 майгача содир этилган қуролли тўқнашув пайтида қирғиз томонидан 36 киши, жумладан, 2 ёш бола ҳалок бўлган, 180 дан ортиқ киши яраланган. Жами 136 ҳовли-жой, бир нечта мактаб, болалар боғчаси ва бошқа ижтимоий объектларга ўт қўйилган.
Тожикистон томони эса тўқнашувда 19 киши ўлгани, 87 киши яраланганини билдирган. Мазкур ҳодисада томонлар бир-бирларини айблаган.