Тойлоқда 9-синф ўқувчиси мактаб директори ўринбосарини калтаклади

Иллюстратив сурат.

Тойлоқ туман ички ишлар бошқармаси мактаб директори ўринбосарини калтаклаган 9-синф ўқувчиси ва унинг шерикларига нисбатан жиноят иши очди.

Самарқанд вилоят ички ишлар бошқармасининг 31 май куни билдиришича, директор ўринбосари А.С., 26 май куни 9-синф ўқувчиси А.Ш., имтиҳонга кечикиб келганлиги сабабли танбеҳ берган.

А.Ш., мактабдан аразлаб чиқиб кетган ва шу куни амакисининг ўғиллари М.Ш., ва С.Ш.,ларни мактабга бирга олиб келган. Улар директор ўринбосарини хизмат хонасида уришиб, унга тан жароҳати етказишган.

“Ушбу ҳолат бўйича 31 май куни Тайлоқ туман ИИБ ҳузуридаги ТБ томонидан М.Ш. ва бошқаларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 277-моддаси (Безорилик) 2-қисми “б” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда”,-дейилади хабарда.