Токиода ўтадиган XXXII ёзги Олимпиаданинг расмий очилиш маросимига 2 кун қолганида Халқаро Олимпия қўмитасининг 138-сессияси 2032 йилги Олимпиада мезбонини аниқлади.
Сессия делегатларининг асосий қисми XXXV ёзги Олимпия ва Паралимпия ўйинларини Австралиянинг Брисбен шаҳрида ўтказиш учун овоз берди. Австралия XXXV Олимпиадани ўтказиш учун Индонезия, Ҳиндистон ва Қатар билан рақобатлашаётган эди.
Австралияда бундан олдин ҳам икки марта Олимпия ўйинлари ўтказилган. 1956 йилда Мельбурн ва 2000 йилда Сидней Олимпиада мезбони бўлган эди.
Токио Олимпиадасидан сўнг Олимпия ўйинлари 2024 йилда Парижда, 2028 йилда эса АҚШнинг Лос-Анжелес шаҳрида бўлиб ўтади.
Токио Олимпия ўйинлари 23 июль – 8 август кунлари бўлиб ўтади. Унда 71 нафар ўзбек спортчиси 17 спорт турида иштирок этади.
Токио Олимпиадасининг очилиш маросими тантанасида Ўзбекистон байроғини гимнастикачи Оксана Чусовитина кўтаради, унга боксчи Бобо-Усмон Батуров ҳамроҳлик қилади.