Токио Олимпиадасининг очилиш маросими тантанасида Ўзбекистон байроғини гимнастикаси Оксана Чусовитина кўтаради, унга боксчи Бобо-Усмон Батуров ҳамроҳлик қилади.
Миллий Олимпия қўмитасининг маълум қилишича, Ўзбекистон тарихида биринчи марта Олимпиада парадида мамлакат байроғини аёл киши кўтариб ўтади.
“Очилиш маросимининг сценарийсига кўра, барча давлатлардан 1 нафардан эркак ва аёл спортчилар байроқдор бўлиб чиқишади. Бу Халқаро Олимпия қўмитаси томонидан тарғиб қилинаётган гендер тенглик сиёсатининг амалда татбиқ этилишидир”,- дейилади расмий баёнотда.
XXXII ёзги Олимпия ўйинларининг тантанали очилиш маросими 23 июль куни Тошкент вақти билан соат 16:00 да Токиодаги Олимпия стадионида бошланади.
46 ёшли Оксана Чусовитина жаҳон тарихидаги “афсонавий гимнастикачи” ҳисобланади. У қаторасига еттита ёзги Олимпия ўйинларида иштирок этган ер юзидаги ягона аёл гимнастикачи сифатида Гиннеснинг рекордлари китобига киритилган.
Токиода у саккизинчи марта Олимпиада ўйинларида иштирок этади ва Гиннес китобидаги рекордини янгилайди.
Оксана Чусовитина Барселонада 1992 йилда ўтган Олимпия ўйинлари чемпиони, уч карра жаҳон чемпиони, Осиё ўйинлари ғолиби. Оксана Чусовитина Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган спортчи, “Ўзбекистон ифтихори” фахрий унвонларига эга.
Бобо-Усмон Батуров эса бокс бўйича Осиё чемпиони, Осиё ўйинлари ғолиби, жаҳон чемпионати совриндори, “Келажак бунёдкори” медали соҳиби.