Токиодаги ёзги Паралимпия ўйинларида иштирок этиш учун 21 август куни Японияга етиб борган Ўзбекистон паралимпия терма жамоаси аъзоларидан икки нафарида коронавирус аниқланди.
Туризм ва спорт вазирлигининг 24 августда билдиришича, спортчилардан Нарита аэропортида коронавирусга қарши тест олинган. Натижада бир дзюдочи ва бир мураббийга вирус юққани маълум бўлди. Улар Токио шаҳрида карантинга олинди.
Бунинг ортидан Паралимпиянинг очилишида Ўзбекистон байроқдорлари ҳам ўзгарди. Ўзбекистон байроқдори сифатида тасдиқланган Нурхон Қурбонова самолётда коронавирус аниқланган спортчиларга яқин ўтиргани учун эҳтиёт чораси сифатида Япония ҳукумати талабларига мувофиқ карантинга олинди.
Вазирлик шу муносабат билан 24 август куни Тошкент вақти билан соат 16:00да бошланадиган Паралимпия ўйинлари очилишида параканоэчи Шаҳноза Мирзаева ва енгил атлетикачи Муҳаммад Рехсимов Ўзбекистон байроқдорлари бўлишини маълум қилди.
Паралимпия ўйинлари 24 августдан 5 сентябргача бўлиб ўтади. Унда Ўзбекистон жамоасининг 48 нафар спортчиси 8 спорт тури бўйича иштирок этади.