Толибон томонидан Кобулнинг кутилмаганда эгаллаб олиниши ортидан жаҳонда АҚШ сиёсати кескин танқидга учрамоқда.
Таҳлилчилар йигирма йил давомида Вашингтон Афғонистон ҳукуматини қўллаб-қувватлаш учун миллиардлаб доллар маблағ ва катта ҳарбий куч сарфлаганига қарамай, бу мамлакатда исёнчиларга қарши кураша олиш салоҳиятига эга бўлган демократик ҳукуматни шакллантира олмаганини танқид қилмоқда.
АҚШ президенти Жо Байден Толибон Кобулни эгаллаган ва Афғонистон ҳукумати бой берилган 15 августдан буён вазиятга оид баёнот билан чиқмади.
Байден маъмуриятидаги етакчи шахслар эса Афғонистон ҳукуматининг бу қадар тез мағлуб бўлиши кутилмаган ҳолат бўлганини айтмоқда.
Толибон бу қадар тез ғалаба қилиши мумкинлигини бир неча ой мобайнида эҳтимолдан соқит қилиб келган президент Байден танқидларнинг асосий нишонига айланди.
Байденни, айниқса, Конгрессдаги республикачилар қаттиқ танқид қилмоқда. Уларга кўра, Байден сиёсати оқибатида АҚШнинг жаҳондаги энг кучли давлат сифатидаги обрўси кескин тушиб кетди.