Толибон Афғонистонга қўшни давлатларни ўз ҳудудида АҚШ базаларини жойлаштирмасликка чақирди

Толибон билан жанг қилаётган Афғонистон ҳарбийлари.

Толибон ҳаракати 26 май куни қўшни давлатларни ўз ҳудудида Қўшма Штатларга ҳарбий базаларни жойлаштириш имкониятини бермасликка чақирди. Мазкур баёнот матбуотда Покистон АҚШ ҳарбийларини ўз ҳудудида жойлаштириш юзасидан Вашингтон билан шартномага эришгани тўғрисидаги хабарлар пайдо бўлгани ортидан эълон қилинди.

Толибон баёнотида “бундай хатоларни содир этган” қўшни давлатлар зиммасига “барча машаққат ва қийинчиликлар учун жавобгарлик “ юклатилиши таъкидланган.

Айни пайтда Покистон расмийлари мазкур хабарларни “ёлғон” деб атади.Покситон ташқи ишлар вазири Шох Маҳмуд Куреши 25 май куни парламентда қилган чиқишида “Бош вазир Имрон Хон раҳбарлигидаги ҳукумат ҳеч қачон АҚШ ҳарбийларининг Покистон ҳудудидга жойлаштирилишига рухсат бермайди”, - деб айтди.

Май ойининг бошларида The Wall Street Journal нашри Оқ уй ва Пентагондаги манбаларга таяниб АҚШ ҳарбий қўмондонлари Афғонистон ҳукуматини дастаклаш, Толибонни назорат қилиб туриш ва бошқа экстремистларни кузатиб бориш учун қўшинлар, дронлар, бомбардимончи самолётлар ва артиллерия учун база излаётгани ҳақида ёзган эди.

The Wall Street Journal нашри АҚШ Ўзбекистон ва Тожикистонда ҳам ўз ҳарбийларини жойлаштириш имкониятини кўриб чиқаётганини таҳмин қилган.

“Жорий йилнинг 11 сентябрига қадар АҚШ ва Вашингтон иттифоқчилари қўшинлари Афғонистонни тарк этади. Шу сабабдан АҚШ ҳарбий режалаштирувчилари қўшинлар ва ҳарбий техникани Марказий Осиё ва Яқин Шарқда жойлаштириш имкониятларини ўрганиб чиқмоқда”, - деб ёзган нашр.