Толибон Афғонистонни бошқариш учун кенгаш ташкил этмоқчи

Толибон сиёсий қаноти лидери Абдулғани Бародар.

Толибон Афғонистон ҳукуматини бошқариш мақсадида 12 кишидан иборат кенгаш ташкил этиш режасини олға сурмоқда. Бу ҳақда Foreign Policy хабар берди.

Нашр манбаларининг билдиришича, кенгаш таркибига Толибон сиёсий қаноти лидери Абдулғани Бародар, Толибон ҳарбий қаноти раҳбари, ҳаракат асосчиси мулла Умарнинг ўғли Муҳаммад Ёқуб, “Ҳаққоний тармоғи” террор гуруҳи аъзоси Ҳалил ар Раҳмон Ҳаққоний кириши назарда тутилган.

Бундан ташқари, Толибон машҳур дала қўмондони Аҳмад Шоҳ Маъсуднинг ўғли, Панжирдаги аксилтолиб кураши лидери Аҳмад Маъсудни ҳам кенгашга таклиф қилмоқчи.

Нашр манбалари Толибон Афғонистонда президент ёки бошқа биронта якка бошқарув лавозимини жорий этмоқчи эмаслигини, айни пайтда айрим вазирлик ўринларини аввалги ҳукумат аъзоларига таклиф қилиши мумкинлигини айтмоқдалар. Толиблар халқаро ҳамжамият учун мақбул бўлган ҳукуматни шакллантириш ниятида эканини билдирмоқда.