Толибон ҳаракати томонидан тайинланган янги ҳукумат ўз фаолиятининг биринчи кунида Афғонистонда норозилик намойишлари ўтказишни вақтинча тақиқлаш тўғрисидаги қарорни қабул қилди.
“Намойишлар жамоат тартиби бузилишига ва низоларга сабаб бўлмоқда”, -дейилади Толибон ҳукуматининг 8 сентябрда қабул қилинган илк қарорида.
Мазкур қарор эълон қилинган куни Толибоннинг маданият бўйича комиссияси раиси Аҳмадулло Восиқ Австралиянинг SBS New телеканалига берган интервьюсида аёлларга Афғонистонда оммабоп бўлган крикет ўйнаш тақиқланишини ҳам айтиб ўтди.
“Қизлар спортга муҳтож эмас. Улар спорт ўйнаса бадани очилиб, кийим кийиш қонун-қоидаларига риоя эта олмай қолишади. Ислом бунга йўл қўймайди”,-деди Аҳмадулло Восиқ.
7 сентябрда Толибон фақат эркаклардан иборат бўлган ўз муваққат ҳукумати таркибини эълон қилган. Уларнинг барчаси ҳаракат аъзоларидир. Толибон ҳукумати аъзолари орасида БМТ ва АҚШ қора рўйхатларига киритилган шахслар ҳам бор.