Маҳаллий рейсларни амалга оширувчи Тошкент-3 аэропорти 19 августдан бошлаб номаълум муддатга ёпилади. Uzbekistan Airways ширкатининг билдиришича, аэропорт техник сабабларга кўра ёпилган.
Тошкент-3дан амалга оширилиши лозим бўлган барча парвозлар Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортига кўчирилди.
Транспорт вазирлиги Тошкент-3 аэропорти Кобулдан эвакуация қилинаётган Германия, Европа Иттифоқининг бошқа мамлакатлари ва Афғонистон фуқароларининг тўхтовсиз эвакуациясини таъминлаш учун ажратилганини билдирди.
17 август куни президент Шавкат Мирзиёев ва Германия президенти Франк-Вальтер Штайнмайер телефон орқали мулоқот қилган ва мулоқот чоғида Ўзбекистон Афғонистондан немис фуқароларини эвакуация қилиш масалалари бўйича Германия билан ҳамкорлик қилиши ҳақида келишилганди.