Тошкент-3 аэропорти 31 августдан бошлаб яна маҳаллий рейсларни амалга ошира бошлайди. Бу ҳақда Uzbekistan Airways маълум қилди.
“Республика бўйлаб амалга оширилувчи барча авиапарвозлар ушбу аэропортдан жадвалга кўра амалга оширилади”, дейилади билдирувда.
Тошкент-3 аэропорти 19 августдан бошлаб Афғонистон пойтахти Кобулдан эвакуация қилинаётган хорижликларни қабул қилиш учун вақтинчалик ёпилган, маҳаллий рейслар эса Тошкент халқаро аэропорти орқали амалга оширилаётган эди.
Якшанба куни АҚШ ва унинг иттифоқчилари эвакуация ишлари ниҳоясига етаётганини расман билдирган.
17 август куни президент Шавкат Мирзиёев ва Германия президенти Франк-Вальтер Штайнмайер телефон орқали мулоқот қилган ва мулоқот чоғида Ўзбекистон Афғонистондан немис фуқароларини эвакуация қилиш масалалари бўйича Германия билан ҳамкорлик қилиши ҳақида келишилганди.