Тошкент аэропортида йўловчилар ўзини ўзи рўйхатдан ўтказиш имкониятига эга бўлди

Тошкент халқаро аэропорти.

Ўзбекистондаги барча халқаро аэропортларда босқичма-босқич йўловчиларнинг мустақил равишда ўзини ўзи рўйхатдан ўтказиш – Self Check-In замонавий тизими жорий қилинмоқда. Бу ҳақда “Uzbekistan Airports” акциядорлик жамияти ахборот хизмати маълум қилди.

Ширкат маълумотига кўра, мазкур тизим ҳаво транспорти коммуникациялари ва ахборот технологиялари соҳасида дунёда етакчи - SITA компанияси томонидан ишлаб чиқилган бўлиб, шу кунларда И. Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида 4 та шундай киоск ўрнатилган.

Ўзини ўзи рўйхатдан ўтказиш – Self Check-In хизмати орқали йўловчиларнинг рўйхатдан тез ва осон ўтишлари таъминланади. Самолётнинг исталган ўриндиғидан жойни банд этиш ва бир вақтнинг ўзида жойлашиш ҳақидаги талонни ҳам олиш мумкин. Саёҳатга отланганлар юкларини киоскдан мустақил рўйхатдан ўтказиб, парвоздан аввал уларни тегишли хизматларга топшириш имкониятлари мавжуд”, дейилган хабарномада.

Қайд этилишича, Uzbekistan Airports Тошкент халқаро аэропортига мунтазам парвозларни амалга ошираётган барча авиакомпанияларга Self Check-In киоскларига уланиш, хизматдан самарали фойдаланиш таклифини киритган. Аммо пандемия чекловлари туфайли ҳозир бу киоск хизматларидан фақатгина Turkish Airlines авиаширкати йўловчиларигина фойдаланмоқда.

Хабарномада Uzbekistan Airports ва Тошкент халқаро аэропорти ҳозирда SITA компанияси билан йўловчиларнинг юкларини ҳам автоматик рўйхатдан ўтказиш – Self BagDrop тизимини йўлга қўйиш бўйича музокаралар олиб бораётгани қўшимча қилинган. Режага кўра, бу амалиёт тизимли равишда Ўзбекистондаги 11 та халқаро аэропортнинг ҳаммасига татбиқ этилади.