Тошкент билан Душанбе ўртасидаги авиақатновни тиклаш масаласи кейинги йилга қолди

Ўзбекистон билан Тожикистон расмийлари Тошкент ва Душанбе ўртасидаги парвозларни тиклаш санасини ҳали-ҳануз белгилай олишмаяпти. Октябрь ойи ўрталарида томонлар икки пойтахт ўртасидаги авиақатновни 1 ноябргача тиклаш масаласини муҳокама қилишган, кейин бу муддат 1 декабрга кўчирилган. Энди эса янги муддат (2021 йилнинг 1 январи) муҳокама қилинмоқда. Бу ҳақда “Азия-Плюс” нашри хабар қилди.

Нашр манбасига кўра, коронавирус пандемияси туфайли икки мамлакатда кузатилаётган эпидемиологик вазиятнинг мураккаблиги мазкур масала юзасидан тез ва якуний қарор қабул қилишга имкон бермаяпти.

Бу орада Тожикистон Фуқаро авиацияси агентлиги Тошкентга авиақатновни тиклаш учун рухсат олган, бироқ илк парвознинг аниқ санаси ҳозирча номаълум.

Агентлик вакиллари мазкур масалани муҳокама қилиш учун яқин кунларда ўзбек ва тожик расмийларининг онлайн-учрашуви ташкил этилиши, унда Тошкент-Душанбе рейси графиги ва илк парвоз куни тасдиқланишини маълум қилганлар.

Ўзбекистон билан Тожикистон пойтахтлари ўртасидаги авиақатнов эпидемиологик вазият важидан шу йил 16 мартидан тўхтатилганди.