Мухолифатдаги “Эрк” партияси фаолиятини Ўзбекистон ичкарисида тикламоқчи ва президентликка номзодини кўрсатмоқчи бўлгани ортидан сиёсий майдонга кириб келаётган собиқ хонанда Жаҳонгир Отажонов Тошкент шаҳар ички ишлар бош бошқармаси томонидан тухматда айбланди.
Аввалроқ Жаҳонгир Отажонов ижтимоий тармоқларда машинасини жарима майдонидан ололмаётгани тўғрисидаги видеони тарқатган эди. Видеода у ички ишлар ходимларини танқид қилган.
Тошкент шаҳар ички ишлар бош бошқармасининг 29 июнда билдиришича, ҳақиқатан ҳам 17 июнь куни Жаҳонгир Отажоновнинг автомашинаси бошқарув ҳуқуқи бўлмаган шахслар томонидан бошқарилгани ортидан жарима майдончасига киритилган. Автомашина тегишли ҳужжатлар тақдим этилмаётгани ортидан ҳалигача жарима майдончасида сақланмоқда.
“Мазкур фуқаронинг ҳаракатларида туҳмат ва ҳақорат қилиш аломатлари мавжуд бўлганлиги сабабли, ҳолатга тегишли тартибда ҳуқуқий баҳо берилади ва жамоатчиликка қўшимча равишда ахборот тақдим этилади”,-дейилади расмий билдирувда.
Хонанада Жаҳонгир Отажонов 2020 йилнинг декабрида қўшиқчиликни тарк этганини билдирган. Кейинроқ у Ўзбекистон президентлигига ўз номзодини кўрсатишини эълон қилган.
Шундан сўнг у Туркияга кетган ва у ерда “Эрк” партияси аъзолигини қабул қилган. Ўзбекистонга қайтиб келганилан сўнг у “Эрк” партияси қурилтойини ўтказгани учун номаълум шахслар томонидан таҳдидларга учраган.