Сергели йўналишининг “3-Бекат” станциясидаги соат таблосига 12 апрель куни соат 16:40да ҳакерлар томонидан киберҳужум содир этилгани аниқланди. Бу ҳақда “Ўзбекистон темир йўллари” 15 апрель куни расман маълум қилди.
Аввалроқ ижтимоий тармоқларда мазкур “киберҳужум тафсилотлари акс этган видео”лар тарқалган эди. Унда соат таблоси ўрнига ножўя сўзлар ёзилганини кўриш мумкин.
Расман билдирилишича, ҳолат юзасидан ички хизмат текшируви ўтказилган.
“Ушбу дарча электрон тизимли бўлиб, Wi-Fi орқали бошқарилади. Ҳужум қилганлар соатга ўрнатилган паролни бузиб, унга ножўя гапни ҳаракатланувчи сатрга жойлаштирган. Таъкидлаш жоизки, мазкур гап 4 дақиқа ичида олиб ташланган”,-дейилади билдирувда.
“Ўзбекистон темир йўллари” айни пайтда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари томонидан айбдорлар қидирилаётгани ва уларга нисбатан тегишли чоралар кўрилиши ҳақмда ҳам маълум қилган.