Ўзбекистон ички афғон кучларининг инклюзив ҳукумат шакллантиришга тайёрлиги ҳақидаги баёнотларини қўллаб-қувватлайди. Бу ҳақда 17 август куни Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги баёнот берди.
Баёнотда айтилишича, Ўзбекистон ҳукумати Афғонистонда ҳукумат транзити халқаро ҳуқуқ меъёрларига қатъий амал қилинган ҳолда умумий консенсус асосида тинч йўл билан амалга оширилишига умид қилади.
Ўзбекистон вазиятнинг бу йўналишда ривожланиши “миллий келишувга олиб келишига ҳамда кучли ва лаёқатли давлатни шакллантириш учун шароит яратишига” ишончи комил эканини ҳам таъкидлади.
Ташқи ишлар вазирлиги Ўзбекистон томони Афғонистон билан анъанавий дўстлик ва яхши қўшничилик муносабатлари сақланиб қонишига, Афғонистон ички ишларига аралашмаслик принципига содиқлигини “қатъий билдирди”.
Вазирлик баёнотида қайд этилишича, бугунги кунда Ўзбекистоннинг Кобул ва Мозори Шарифдаги дипломатик ваколатхоналари одатдаги тартибда ишламоқда.
“Ўзбекистон томони чегара ҳимоясини таъминлаш ва чегара ҳудудида тинчликни сақлаш масалалари бўйича “Толибон” ҳаракати вакиллари билан яқин алоқада бўлиб турибди. Шуни қатъий маълум қиламизки, Ўзбекистон давлат чегарасини бузишга бўлган ҳар қандай уринишлар миллий қонунчиликка мувофиқ кескин равишда бартараф этилади"-дейилади Ташқи ишлар вазирлиги баёнотида.