4 октябрь куни АҚШ Давлат котибининг биринчи ўринбосари Уенди Шерман АҚШ элчихонасида фуқаролик жамияти вакиллари билан учрашди. Бу ҳақда Озодликка АҚШ расмийси билан учрашган “Эзгулик” инсон ҳуқуқлари ташкилоти раҳбари Абдураҳмон Ташанов маълум қилди.
“Фаоллар мамлакатда ислоҳотлар, сўз эркинлиги ва инсон ҳуқуқлари масаласида мулоҳазалари билан ўртоқлашди. Улар сўз эркинлиги бўлгани билан журналистларнинг ҳимояси мавжуд эмас; қонунлар қабул қилинаётгани билан уларнинг ижроси йўқ; ноҳукумат ташкилотларини рўйхатга олиш билан боғлиқ сунъий тўсиқлар бор; суд-ҳуқуқ соҳаси мутлақо издан чиққан, дейишди”, - деди Абдураҳмон Ташанов.
Давлат котиби ўринбосари президент билан учрашувдан кечикиб келган. Шунингдек, Тошкентга келган Туркманистон президенти Бердимуҳамедов билан учрашиш учун фаоллар билан мулоқотни қисқартирган.
“Шерман хоним фуқаролик жамияти вакилларига президент билан учрашув тафсилотларини очиқлаб, асосан президент Мирзиёев билан АҚШ-Ўзбекистон муносабатлари, мамлакатдаги инсон ҳуқуқлари устивор масала эканини сўзлашганини айтди”, - деди “Эзгулик” фаоли.