Тошкентга сафар қилган Қирғизистон ташқи ишлар вазирини бош вазир А. Арипов қабул қилди

Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов 5 ноябрь куни Қирғизистон ташқи ишлар вазири Руслан Қазақбаевни қабул қилди.

Ўзбекистон бош вазири матбуот хизматининг маълум қилишича, мазкур учрашувда Ўзбекистон билан Қирғизистон ўртасидаги савдо-иқтисодий, сармоявий, транспорт-логистика, маданий-гуманитар соҳалардаги ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва истиқболлари ҳамда пандемиянинг икки томонлама алоқаларга салбий оқибатларини бартараф этиш масалалари муҳокама қилинди.

Шу куни қўшни давлат бош дипломати Р. Қазақбаев Ўзбекистон бош вазири ўринбосари - инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқов билан ҳам учрашган.

Учрашувда икки мамлакат чегараолди вилоятларида савдо-логистик марказлар қуриш ва қўшма корхоналар очиш бўйича конкрет лойиҳаларни ишга тушириш муҳокама қилинган.

Томонлар “Хитой–Қирғизистон–Ўзбекистон” темир йўли қурилиш лойиҳасини амалга оширишни жадаллаштириш орқали Ўзбекистон билан Қирғизистон транспорт-транзит имкониятларидан самарали фойдаланиш механизмларини кўриб чиққанлар.

Қирғизистон томони Ўзбекистонга цемент, кўмир, Мойлисув электр-лампа заводи маҳсулотлари ва бошқа товарларни етказиб беришга қизиқиши ва ҳозирлигини билдирган. Ўзбекистон томони эса машинасозлик, туризм, тиббиёт, таълим ва бошқа соҳаларда Қирғизистонга киритилажак сармоя ҳажмини оширишга қизиқиш изҳор этган.

Аввалроқ Озодлик Руслан Қазақбаев ўзбекистонлик ҳамкасби Абдулазиз Комилов билан учрашгани ҳақида хабар қилган.

Қирғизистон ташқи ишлар вазири бошчилигидаги делегациянинг эртага, 6 ноябрь куни ҳам Тошкентда бўлиши кутилмоқда.

Бу ўтган ойда Қирғизистонда ҳукумат алмашганидан кейин қўшни мамлакат расмийларининг Ўзбекистонга илк ташрифидир.