Тошкент шаҳрида 10 яшар ўғил болага нисбатан фаҳш ҳаракатлар қилган такси ҳайдовчиси қидирилмоқда. Бу ҳақда Тошкент Ички ишлар бош бошқармаси маълум қилди.
Аввалроқ ижтимоий тармоқларда вояга етмаган ўғил болани “такси ҳайдовчиси зўрламоқчи бўлгани” ҳақида хабарлар тарқалган эди.
Ички ишлар бош бошқармасининг билдиришича, жорий йилнинг 28 февраль куни Чилонзор тумани ИИО ФМБга 30 ёшли Бобур Ж. мурожаат қилган.
“Фуқаро ўз аризасида унинг 10 ёшли ўғлига нисбатан фаҳш ҳаракатлар қилган таксичига нисбатан чора кўришни сўради. Отанинг мурожаатидан сўнг мазкур факт Тошкент шаҳар ИИББ раҳбариятининг назоратига олинди”,-дейилади расмий билдирувда.
Мазкур факт бўйича Жиноят кодексининг 129 - моддаси 1 -қисми асосида жиноят иши қўзғатилди. Гумонланувчининг шахсини ва ҳолатни тафсилотларини аниқлашга қаратилган тезкор-тергов тадбири ўтказилмоқда.
Маҳаллий нашрларга боланинг отаси воқеа тафсилотларини айтиб берган. Унга кўра, ўғли таксига ўтириб бошқа туманда яшайдиган қариндошлариникига кетаётган бўлган. Йўлда таксичи машинасини овлоқ жойга тўхтатиб, орқа ўриндиққа чиқиб ўтирган. Шундан сўнг у шимини ечиб, уятсиз ҳаракатлар қилган.
Болакай йиғлаб, қаршилик кўрсатгач, ҳайдовчи “ўз ишини тўхтатиб”, уни манзилига етказган ва бўлиб ўтган воқеани “ҳеч кимга айтмасликни” маслаҳат берган.