Тошкентдаги Амир Темур хиёбонида 28 март куни япон анимеси ва корейс поп мусиқаси мухлисларини ЛГБТ фаоллари сифатида гумонлаб, уларни калтаклаганларга нисбатан жиноят иши қўзғатилди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар Ички ишар бош бошқармаси маълум қилди.
Расман билдирилишича, “Аллоҳу акбар!” ҳайқириғи билан тартибсизликда иштирок этган 12 киши қўлга олинган ва уларга нисбатан Жиноят кодексининг 277-моддаси 2-қисми (“Безорилик”) асосида жиноят иши очилган.
Ички ишлар бош бошқармаси қўлга олинганлар “Т.С., исмли йигит ва Б.Р., исмли қизни ЛГБТ фаоллари деб гумонлаб, уларни уришга ҳаракат қилган”и тўғрисида билдирган.
“Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимларининг ҳамкорликдаги чора-тадбирлари натижасида низонинг оммалашиб кетишининг, шунингдек бошқа оғирроқ оқибатларнинг олди олинди ҳамда ҳеч кимга шикаст етмади”,-дейилади хабарда.
Ички ишлар бош бошқармаси хабарида “мазкур жанжалда диний мазмундаги низо бўлмаган”и таъкидланган.
Айни пайтда 28 март куни Тошкент шаҳри марказидаги Амир Темур хиёбонида япон анимеси ва корейс поп мусиқаси мухлисларининг навбатдаги тадбирини ўтказмоқчи бўлган блогер 29 яшар Миразиз Бозоров шу куни кечқурун бир гуруҳ номаълум шахслар томонидан калтаклаб кетилди. У касалхонага ётқизилган.
Ички ишлар органи хабарида бу воқеага ҳозирча муносабат билдирилмаган.