Бош вазири ўринбосари Б. Мусаев Тошкент давлат иқтисодиёт университетида талабаларнинг яшаш шароити ва ҳаракатланиши мониторингини йўлга қўйиш ва бу борадаги ишларни такомиллаштириш масаласида видеоселектор йиғилиши ўтказди.
Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг 1 мартда билдиришича, йиғилиш шошилинч тарзда ўтказилган.
Вазирлик билдирувида 27 февраль куни Юнусобод тумани, Фирдавсий маҳалла фуқаролар йиғинига қарашли Инжобод кўчаси, 61-уйда 5 нафар талабанинг номаълум моддадан заҳарланиб ўлгани тўғрисида маълумот берилмаган. Лекин расмий билдирувдан англашинадики, йиғилиш мазкур фавқулодда ходиса юз бергани ортидан ўтказилган.
“Муҳокама жараёнида олий таълим муассасалари ректорлари, проректорлари, декан, шунингдек, ёшлар бўйича етакчилари томонидан талабаларнинг яшаш шароитларини таҳлил қилиш ўз ҳолига ташлаб қўйилганлиги танқид қилинди”, -дейилади хабарда.
Турли вазирликлар ва идоралар вакиллари иштирок этган йиғилишда талабалар ижарада қаерда яшаётгани, яшаш шароити қандай экани, дарсдан кейин нима иш билан машғул бўлиши каби масалаларга эътибор қаратилмаётгани муҳокама қилинган.
“Талабалар томонидан ижарага олинаётган хонадонларнинг ёнғин ва бошқа техник хавфсизлик талабларига жавоб бермаслиги, талабаларда бирламчи ёнғин ва бошқа техник хавфсизлик бўйича билимларининг етарли эмаслиги натижасида турли нохуш ҳодисалар рўй бермоқда”,-дейилади хабарда.
Озодлик радиоси 27 февраль куни соат 20:50 ларда Юнусобод тумани, Фирдавсий маҳалла фуқаролар йиғинига қарашли Инжобод кўчаси, 61-уйда Тошкент Ахборот технологиялари университети 2-босқич талабалари М.У., Р.С., Д.Ғ. ва Сингапур университети 2-босқич талабаси О.И. ҳамда “Инха” университети 1-босқич талабаси С.Х.,лар ўлик ҳолда топилгани ҳақида хабар берган эди.
Расман билдирилишича, талабалар номаълум моддадан заҳарланиб ўлишган. Ушбу ҳолат юзасидан шу куннинг ўзида Юнусобод туман прокуратураси томонидан Жиноят Кодексининг 259-моддаси 2-қисми “а” банди (Ёнғин хавфсизлиги қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилган.