Ўзбекистонда сўнгги бир сутка ичида яна 196 кишида коронавирус аниқланди. Бу билан 28 март ҳолатига кўра, коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 82536 нафарни ташкил этмоқда.
Соғлиқни сақлаш вазирлигининг билдиришича, сўнгги бир сутка ичида аниқланган 196 бемордан 164 нафари Тошкентда яшайди. Тошкент вилоятида 14 бемор, қолган 8 ҳудудда 1-5 нафардан бемор қайд этилган.
Касалликдан соғайганлар жами 80667 нафарга етди ва соғайиш кўрсаткичи 98 фоизни ташкил қилмоқда.
Айни пайтда тиббиёт муассасаларида даволанаётган 1243 нафар бемордан 191 нафари оғир, 85 нафари эса ўта оғир аҳволда.
Вазирлик 27 март куни яна бир бемор вафот этгани ва коронавирусдан ўлганлар сони 626 кишига етгани ҳақида хабар берган.