Тошкентда поезд вагони устига чиқиб селфи қилмоқчи бўлган 18 ёшли йигит ток уриши оқибатида касалхонага ётқизилди. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги ахборот хизмати 19 январь куни хабар берди.
Маълум қилинишича, воқеа 15 январь куни содир бўлган. Йигит “Сергели” бекатидаги 3-йўлнинг 8-километри 1-тўсиғида турган вагон устига чиққанида уни 27 минг волтли ток урган. Йигит меҳрибонлик уйи тарбияланувчиси бўлган.
Қаттиқ жароҳатланган йигит Республика шошилинч тиббий ёрдам марказига олиб борилган. Жонлантириш бўлимига ётқизиган йигитга тананинг 93 фоизи 2–3 А,Б даражали термик куйиш, 3-даражали бош мия ёпиқ жароҳати ташхиси қўйилган.