Польшалик журналист Агнешка Пикулицка-Вильчевска Тошкентда калтаклангани тўғрисида Facebook саҳифасида Би-би-си журналисти Ибрат Сафо 1 сентябрь куни маълум қилди. Ибрат Сафонинг билдиришича, воқеа 31 август куни содир бўлган.
Агнешка Пикулицка-Вильчевска Озодлик билан суҳбатда бу маълумотни тасдиқлади. Унга кўра, 31 август куни у Юнусобод туманидаги ўз уйи ёнида дарахт кесаётган бир гуруҳ кишиларни кўриб, уларни саволга тутган.
Журналистнинг айтишича, ўзини Юнусобод туман ҳокимияти вакили деб таништирган шахс журналистнинг саволларига жавоб беришдан бош тортган ва қўполлик билан унинг телефонини тортиб олиб синдирган, шундан сўнг журналистга мушт туширган.
-Воқеа жойига Юнусобод туман ҳокими ўринбосари етиб келди. У дарахт кесаётганлар кимлар эканини билмаслигини айтди. Шундан сўнг мен Юнусобод туман ички ишлар бўлимига ариза ёздим. Аризамни қабул қилишди ва айни пайтда тергов олиб борилаяпти, - деди Агнешка Пикулицка-Вильчевска.
Ҳозирча бу маълумотга расмийлар муносабат билдирмади.
Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги жорий йилнинг 2 июнь куни Агнешка Пикулицка-Вильчевсканинг аккредитациясини узайтирмаслик тўғрисида қарор қабул қилган эди.
Бундан олдин Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги журналистни бир қатор қонунлар талабларини бузганликда айблаб чиққанди. Агнешка Пикулицка-Вильчевска Озодлик билан суҳбатда бу “айбловлар туҳмат” эканини айтганди.