Йилига 500 минг тонна темирни қайта ишловчи Тошкент металлургия заводи 4 декабрь куни ишга туширилади. Бу ҳақда ТАСС “Метпром” давлат концерни раҳбари Андрей Дейнекога таянган ҳолда хабар тарқатди.
Хабарда айтилишича, мазкур завод Ўзбекистон ҳукумати ва Россиянинг “Метпром” ширкати ҳамкорлигида қуриб битказилди. Лойиҳанинг умумий қиймати 325 миллион еврони ташкил қилган. Бу маблағнинг 50 фоизини Росэксимбанк таъминлаган. Лойиҳанинг қолган эллик фоизини Ўзбекистон ҳукумати ва хусусий инвестор молиялаштирган.
Дайнеконинг айтишича, Россия ҳукумати лойиҳани молиялаштирибгина қолмай, балки уни амалга ошириш учун қўшимча 90 миллион евро миқдорида кўмак кўрсатган. Яъни техник лойиҳалаштириш, инжиниринг, ускунлар ва метал конструкцияларини етказиб бериш ишларини амалга оширган.
“Тошкент металлургия заводини қуришда 30та ишлаб чиқарувчи ва мингга яқин одам иш билан таъминланди”,-деди Дейнеко.
Озодлик радиоси 2017-2018 йилларда Ўзбекистондаги йирик бизнес лойиҳалар, жумладан, Тошкент металлургия заводи лойиҳаси шубҳали ширкатлар томонидан амалга оширилиши режалаштирилаётгани ҳақида мақолалар берган эди.
Ўзбекистонда бошланган йирик бизнес лойиҳаларига оид маълумотлардан яхши хабардор мулозимнинг Озодлик билан суҳбатда иддао қилишича¸ 2017 йил февраль ойида президент Шавкат Мирзиëев бевосита танишиб¸ маъқуллаган Тошкент металлургия заводи лойиҳаси келиб чиқиши ўзбекистонлик бўлган қозоғистонлик миллиардер Фаттоҳ Шодиевга қарашли.
Мавзуга алоқадор Яна бир ўзбек миллиардери тарихий ватанига қайтиб иш бошладиЎзбек матбуоти ўшанда 1000 иш ўрни яратадиган бу янги завод икки йил ичида Сергели туманидаги 100 гектарлик ҳудудда қурилиши ҳақида билдирганди. Лойиҳа таъсисчиси сифатида Британияда рўйхатдан ўтган Quality Trade Supplies номи келтирилди¸ лойиҳанинг умумий қиймати 278¸2 миллион еврога тенглиги айтилди.
The Herald газетаси Quality Trade Supplies (қисқартмаси QTS) Шотландияда ëмон ном чиқарган ва Transparency International томонидан “пул ювиш механизми” сифатида баҳоланган чекланган шерикчилик компанияларидан бири экани ҳақидаги журналистик суриштирувни эълон қилган.
Мавзуга алоқадор The Herald: Шотландияда рўйхатдан ўтган сирли ширкат бутун ўзбек иқтисодини назоратга олдиSpot нашри эса Тошкент металлургия заводи бошқаруви SFI Management Group ширкатига берилишини билдирди.
Озодлик 2020 йилнинг 11 сентябрида эълон қилган мақолада айтилишича, Ўзбек ва Россия матбуоти SFI Management Groupнинг асли наманганлик миллиардер Алишер Усмоновга қарашли экани ҳақида ëзгани ортидан Усмонов унинг асли жиззахлик яна бир миллиардер Фаттоҳ Шодиевнинг акаси Қобул Шодиевники экани¸ айни пайтда ўзининг бу гуруҳ билан бирга ишлашини билдирган эди.
2017-2018 йиллари Ўзбекистон металлургия комбинати, Олмалиқ кон-металлургия комбинати, Тошкент металлургия заводи Вазирлар Маҳкамаси ва президент қарорлари асосида айни йилда таъсис этилган SFI Management Group ишончли бошқарувига берилди.