Тошкентда талаба янги қурилаётган бинодан йиқилиб ҳалок бўлди

Тошкент юридик университети расмий Телеграм каналидан олинган сурат.

Тошкент давлат юридик университетининг талабаси Баҳодир Бозоров янги қурилаётган бинолардан бирининг лифт шахтасига йиқилиб тушиб ҳалок бўлди.

Тошкент давлат юридик университетининг расмий Telegram каналида 3-босқич талабаси бахтсиз тасодиф туфайли ўлгани билдирилган. Аммо бу “бахтсиз тасодиф” тафсилотлари айтилмаган.

Маҳаллий матбуотнинг ёзишича, Баҳодир Бозоров 27 февраль тунда ҳам ишлаб, ҳам яшаётган янги қурилаётган кўп қаватли уйлардан бирининг лифт учун бетондан тайёрланган шахтасига иккинчи қаватдан йиқилиб тушган.

Яқинлари “Тез ёрдам” чақирганига қарамай, шифокорлар келмаган. Шундан сўнг яқинлари кўчадан патрул машинасини тўхтатиб, ёрдам сўрашган. Тез ёрдам бўлимида Бозоровнинг вафот этгани аниқланган.

Тиббий экспертизанинг билдиришича, талабанинг олтинчи умуртқаси синган, орқа мияга қон қуйилган, шунингдек, жигари ёрилиб кетган.