Коронавируснинг кенг тарқалишини олдини олиш мақсадида Тошкент шаҳрининг айрим мактабларида ўқиш босқичма-босқич масофавий шаклга ўтказилмоқда. Бу ҳақда 15 март куни Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълум қилди.
“Масофавий шаклга ўтадиган мактаблар тўғрисидаги маълумотлар мактаб раҳбарияти томонидан ота-оналарга синф раҳбарлари томонидан етказиб борилади”,-дейилади расмий баёнотда.
Бундан аввалроқ Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги маркази Тошкент шаҳар бошқармаси бошлиғи Малика Қудратхўжаева “аҳоли орасида, айниқса, мактаб ўқувчилари, талабалар, ташкилот, муассасалар ходимлари орасида коронавирус тарқалиши кўпайгани кузатилгани” ҳақида билдирган эди.
Шунингдек, Тошкент шаҳри Олмазор туманидаги 117-сонли болалар боғчасида 2 нафар тарбияланувчи ва 2 нафар тарбиячи коронавирусга чалингани аниқлангани ортилдан боғча ёпилган.
Ўзбекистонда 14 март куни коронавирусга чалинган 111 нафар бемор аниқланди. Расмий маълумотларга таяниладиган бўлса, бу ўтган йилнинг декабридан бери қайд этилган бир кунлик энг юқори кўрсаткичдир. Сўнгги пайтларда кунига 30-70 киши коронавирусга чалинаётгани ҳақида хабар бериб келинаётганди. 14 март куни аниқланган беморларнинг 93 нафари пойтахт Тошкентда яшайди.