Тошкентдаги Вирусология илмий текшириш институти клиникаси коронавирусга чалинганлар сони камайиши муносабати билан ноябрь ойи бошидан одатий иш режимига қайтди.
Соғлиқни сақлаш вазирлигининг расман билдиришича, мазкур клиника Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси илк бор қайд этилган 15 мартидан буён фақат ушбу касалликка чалинганларни қабул қилиб келаётган эди.
Вазирлик Республика эпидемиология, микробиология ва юқумли касалликлар илмий текшириш институти клиникаси ҳам одатий иш фаолиятига қайтган ва коронавирусдан бошқа юқумли касалликларга чалинган беморларга хизмат кўрсата бошлаганини ҳам маълум қилди.
Расмий маълумотларда қайд этилишича, 16 ноябрь ҳолатига кўра, Ўзбекистонда коронавирусга чалинганлар сони 70 381 кишини ташкил қилди. Улардан 67 655 бемор тузалди.
Айни пайтда касалхоналарда 2 128 нафар бемор даволанмоқда. Соғлиқни сақлаш вазирлиги коронавирусга чалинганлардан камида 598 нафари вафот этганини билдирган.