Тоғли Қорабоғнинг Арманистон дастаклаётган сепаратчи раҳбарияти АҚШ воситачилигида эришилган оташкесимга қарамай, 2 ноябрь куни бўлган жангларда яна 11 арман аскари ҳалок бўлганини билдирди.
Расман хабар берилишича, ҳалок бўлганлар орасида Тоғли Қорабоғ армияси қўмондони ўринбосари Артур Саркисян ҳам бор.
Тоғли Қорабоғда 27 сентябрдан бери давом этаётган жангларда шу кунгача 1177 арман аскари ҳалок бўлгани маълум қилинди.
Озарбайжон ҳукумати ҳалок бўлган аскарлари тўғрисидаги маълумотларни ошкор қилмаяпти.
Айни пайтда 2 ноябрь куни Озарбайжон президенти Илҳом Алиев Твиттер саҳифасида Тоғли Қорабоғдаги яна 8 қишлоқ Боку назоратига ўтгани ҳақида маълум қилди.
Озарбайжон Мудофаа вазирлиги эса 2 ноябрда тарқатган баёнотида Тертер туманидаги бир неча аҳоли пункти арман кучлари томонидан бомбардимон қилинганини билдирди.
Тоғли Қорабоғ халқаро ҳамжамият томонидан Озарбайжоннинг бир қисми сифатида тан олинади. Бироқ 1994 йилдан бери мазкур ҳудуд Арманистон дастаклаб келаётган сепаратчи этник арманлар томонидан бошқарилади.