Трамп 11 миллион кишига нафақа тўлаш муддати якунланганидан сўнг моддий ёрдам тўғрисидаги қонунни имзолади

АҚШ президенти Дональд Трамп.

АҚШ президенти Дональд Трамп COVID-19 пандемияси оқибатида ишсиз қолган миллионлаб америкаликка моддий ёрдам кўрсатиш тўғрисидаги қонунни 27 декабрь куни кечқурун имзолади.

Трамп қонунни имзолаган пайтда 11 миллион америкаликка ишсизлик нафақаси тўлаш муддати якунланган эди.

Трамп 22 декабрда мазкур қонунни имзолашдан бош тортишини эълон қилиб, Конгрессни шок ҳолатига туширган. Конгресс қонун имзоланмаса, ҳукумат фаолияти тўхтатилиши мумкинлигини билдирган.

Қонунда ишсизлик нафақасидан ташқари, АҚШ фуқароларининг ҳар бирига 600 доллардан бир марталик молиявий кўмак берилиши назарда тутилган эди. Трамп эса бу кўмакни жуда оз деб ҳисоблаб, ҳар бир америкаликка 2000 доллардан берилишини талаб қилган.

АҚШнинг сайланган президенти Жо Байден Трампни қонунни имзолашга чақирганди. Трамп қонунни имзоламаган тақдирда, сешанба кунидан бошлаб АҚШ ҳукумати фаолияти қисман тўхтатиб қўйилиши мумкин эди.